Click to listen highlighted text!
28.03.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Иш ўринларини аттестациядан ўтказиш

  1. Иш ўринларини аттестациядан ўтказишдан мақсад.

Аттестация фуқароларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига жавоб берадиган соғлиғи ва меҳнатнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида иш ўринларидаги меҳнат шароитларини баҳолаш ҳамда ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш учун ўтказилади.

Аттестация натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади ва:

– меҳнат шароитларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

– оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда ва меҳнатнинг бошқа алоҳида шарт-шароитларида банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш;

– ходимларни иш жойларидаги меҳнат шароитлари, соғлиққа шикаст етказишнинг мавжуд хавфи, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ҳамда оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда ва бошқа алоҳида меҳнат шароитларида ишловчи ходимларга берилиши керак бўлган компенсациялардан хабардор қилиш;

– иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилиш;

– касбий хавфни баҳолаш;

– ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;

– меҳнат шароитларининг ҳолати тўғрисида статистика ҳисоботини тайёрлаш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш;

– касб касаллигига шубҳа туғилганда касалликнинг касб билан боғлиқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш, шунингдек касб касаллиги ташҳисини аниқлаш;

– ходимлар меҳнатининг хавфсиз шарт-шароитларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқ ходимларни санитария-маиший ва тиббий таъминлаш;

– ходимларнинг айрим тоифалари учун меҳнатни чеклашларни асослаш, ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларни имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берувчиларга тегишли деб топиш;

– шу жумладан меҳнатни муҳофаза қилиш фонди маблағлари ҳисобига корхонада меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш тадбирларини режалаштириш ва молиялаштириш;

– хизматчилар ва ишчи касблари лавозимлари номларини Хизматчилар ва ишчи касблари асосий лавозимлари классификаторида ҳамда хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг тармоқ тариф-малака маълумотномаларида кўрсатилган номларга мувофиқлаштириш;

– корхонада меҳнат шароитлари ва муҳофазасининг ҳолати тўғрисидаги ахборотларни тўплаш ва қайта ишлаш учун асос ҳисобланади.

 

  1. Иш ўринларини аттестациядан ўтказишни ҳуқуқий асоси.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, Хизматчилар ва ишчи касбларнинг асосий лавозимлари классификатори, шунингдек санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш стандартлари тизими, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар, бошқа қонун ҳужжатлари аттестацияни ўтказишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

 

  1. Иш ўринларини аттестациядан ўтказиш тартиби.

Аттестацияни ўтказиш даврийлигини корхонанинг ўзи белгилайди, бироқ у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилади.

Аттестациянинг ўз вақтида ўтказилиши юзасидан масъулият корхона раҳбарига юкланади.

 Аттестация материаллари қатъий ҳисобот бериладиган материаллар ҳисобланади ва 50 йил сақланади.

Қайта ташкил этишда аттестация материаллари тўлиқ ҳажмда қайта ташкил этилаётган корхонанинг ҳуқуқий меросхўрига, тугатилган тақдирда эса — белгиланган тартибда давлат архивига берилади.

Аттестация фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида аттестация бўйича ишларни бажариш учун иш берувчи томонидан жалб этиладиган аттестациядан ўтказувчи ташкилот билан биргаликда иш берувчи томонидан ўтказилади.

Аттестациядан ўтказувчи ташкилот меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

– «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

– штатда меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатига эга бўлган ҳамда фаолиятни фақат ушбу аттестациядан ўтказувчи ташкилотда амалга оширувчи камида уч нафар ходимга эга бўлиш;

– мулкида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини ўлчаш учун мўлжалланган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация қилинган лабораторияга (кейинги ўринларда аккредитациядан ўтказилган синов лабораторияси деб аталади) эга бўлиш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг маълумотнома базасига, шунингдек аттестацияни ўтказиш учун зарур бўлган маълумотнома ҳужжатларга эга бўлиш;

–  аттестацияни ўтказишда олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;

– аттестацияни ўтказиш бўйича шартнома мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

– аттестацияни ўтказишда мустақилликни таъминлаш;

– аттестация тўғрисидаги тўғри ҳисоботни тақдим этиш.

Фақат меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатига эга бўлган шахс аттестацияни ўтказувчи ташкилотнинг раҳбари бўлиши мумкин.

Аттестация ўтказувчи ташкилот иш ўринларида аттестациядан ўтказилаётган корхонага нисбатан мустақил шахс бўлиши керак.

Корхона аттестация бўйича ишларни бажариш учун бир нечта аттестациядан ўтказувчи ташкилотларни жалб этишга ҳақлидир. Бунда аттестация бўйича ишлар аттестациядан ўтказувчи ташкилотлар ўртасида ҳам аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари сони, ҳам иш ўринларида бажариладиган ишларнинг турлари бўйича тақсимланиши мумкин.

Аттестацияни ташкил этиш ва ўтказиш учун иш ўринларида аттестация ўтказиладиган корхона раҳбарининг ёзма қарори билан доимий ишловчи аттестация комиссияси (кейинги ўринларда аттестация комиссияси деб аталади) ташкил этилади ҳамда аттестация бўйича ишларни амалга ошириш жадвали белгиланади.

Зарурият бўлганда корхонанинг таркибий бўлинмалари бўйича аттестация комиссиялари ташкил этилишига йўл қўйилади.

Аттестация комиссияси таркибига мажбурий тартибда бош муҳандис (бор бўлганда), меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари раҳбарлари ва ходимлари, касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи вакиллари, аттестациядан ўтказувчи ташкилот вакиллари киритилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли деб топилган корхоналарда аттестацияни ўтказишда аттестацияни ўтказувчи ташкилотнинг раҳбари, вакиллари, шунингдек бор бўлган тақдирда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари раҳбарлари ва ходимлари, касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи раҳбарлари аттестация комиссияси таркибига мажбурий тартибда киритилади.

Аттестация комиссиясига иш ўринларида аттестация ўтказилаётган корхонанинг раҳбари ёхуд корхона раҳбарининг тегишли ёзма қарори билан вакил қилинган шахс бошчилик қилади.

Аттестация комиссиясининг таркиби, шунингдек аттестация бўйича ишлар жадвали корхона раҳбарининг ёзма қарори билан тасдиқланади.

  1. Иш ўринларини аттестация натижалари ижроси

Аттестация натижалари аттестациядан ўтказувчи ташкилот томонидан аттестация тўғрисидаги ҳисобот шаклида расмийлаштирилади, унга:

– аттестация комиссиясини ташкил этиш ва аттестация бўйича ишларни бажариш жадвалини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқ;

– аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхати;

– ўлчашлар протоколлари билан биргаликда меҳнат шароитлари хариталари;

– иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси натижалари йиғма ведомости;

– аттестация натижалари бўйича белгиланган меҳнат шароитлари даражаларининг йиғма жадвали ҳамда шу муносабат билан ходимларга белгиланиши зарур бўлган кафолатлар ва преференциялар;

– меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғломлаштириш тадбирлари режаси;

– меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг ижобий хулосаси;

– аттестация комиссиясининг якуний (оралиқ-якуний) мажлиси (мажлислари) протоколи (протоколлари);

– аттестациядан ўтказувчи ташкилот тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан синов лабораториясининг аккредитация аттестати нусхаси.

Аттестация комиссияси аттестация тўғрисидаги ҳисобот тушган санадан бошлаб ўн календарь кун мобайнида:

– аттестация тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқади ва уни тасдиқлаш учун корхона раҳбарига киритади;

– иш ўринларида аттестация ўтказилган ходимларни тилхат остида иш ўринлари аттестациясининг натижалари билан таништиради;

– жамоа шартномаси ва жамоа битимига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

Корхона раҳбари аттестация тўғрисидаги ҳисобот тушган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида аттестациянинг тугаганлиги ва аттестация тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади.

Аттестация материаллари иш ўринларида аттестация ўтказилган корхонада ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган муддат мобайнида сақланади.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!