Қурултой
Қурултой
Қурултой Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг олий раҳбар органи бўлиб, Кенгаш томонидан 5 йилда камида бир маротаба чақирилади. Қурултойни чақириш муддати, вакиллик меъёри, делегатларни сайлаш тартиби ва кун тартиби камида 2 ой олдин Республика Кенгаши томонидан эълон қилинади.
Навбатдан ташқари Қурултой Республика Кенгашининг ёки касаба уюшмаси аъзоларининг 1/3 қисмининг талабига кўра, шунингдек ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаси қарорига мувофиқ чақирилиши мумкин. Навбатдан ташқари Қурултойни чақириш муддати ва унинг кун тартиби камида 1 ой олдин эълон қилинади.
Қурултой олий раҳбар орган сифатида Республика Кенгаши, Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси масалаларига доир ҳамда касаба уюшмаси фаолиятига оид ҳар қандай қарорлар қабул қилиши мумкин.
Қурултой ҳужжатлари қарорлар, мурожаатлар ва резолюциялар шаклида қабул қилинади.
Қурултой ваколатига қуйидагилар киради:
Касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳисоботини эшитиш ва унга баҳо бериш;
Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботини эшитиш ва унга баҳо бериш;
касаба уюшмасининг Уставини қабул қилиш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда тасдиқлаш;
тафтиш комиссиялари тўғрисидаги Низомни қабул қилиш ҳамда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
касаба уюшмасининг истиқболдаги асосий фаолият йўналишларини белгилаш;
Республика Кенгаши аъзоларини, уларнинг ўринбосарларини – дублёрларини 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, белгиланган меъёр асосида тўғридан-тўғри Республика Кенгаши аъзолигига сайланганларнинг ваколатларини тасдиқлаш;
тафтиш комиссияси таркиби ва унинг раисини 5 йил муддатга сайлаш;
касаба уюшмаси раисини сайлаш;
ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаси олий органи (Қурултойи)га делегатлар ҳамда ушбу бирлашманинг сайланадиган органи таркибига вакилларни, уларнинг ўринбосарларини – дублёрларини сайлаш;
делегатлар ваколатларини касаба уюшмасининг навбатдан ташқари Қурултойигача сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилиш;
касаба уюшмалари бирлашмаларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
касаба уюшмасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш. Ушбу банднинг 1-, 2-, 3- (уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан ташқари), 4-, 5-, 7- ва 12 — сўзбошида кўрсатилган ваколатлар Қурултойнинг мутлоқ ваколати ҳисобланади.
Қурултой касаба уюшмасининг олий органи сифатида касаба уюшмаси фаолиятига оид ҳар қандай, жумладан, Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси ваколатларига кирадиган қарорларни қабул қилиши мумкин.
Қурултой ўзининг мутлоқ ваколати бўлмаган ваколатларни Республика Кенгаши, Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси, касаба уюшмаси раисига бериши мумкин.
Касаба уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига кўра Қурултойлар делегатлари ҳисобланадилар.