Click to listen highlighted text!
20.04.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Жамоа шартномаси тузиш бўйича тавсиялар

«Келишилган»

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги

Вазир:

________________

2008 йил «29» декабр

№ 76 / 1

«Келишилган»

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши

Раис:

________________

2008 йил «29» декабр

№ 05 / 641а

«Келишилган»

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси

Раис:

________________

2008 йил «30» декабр

№ 11 / АШ-07-2675

 

Жамоа шартномаларини тузишга оид
ТАВСИЯЛАР

Маълумки, ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг ва кафолатларининг энг паст даражаси қонунлар билан белгилаб қўйилади. Қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.

Жамоа шартномаси — корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иктисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир.

Жамоа шартномалари ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатларини шартнома асосида тартибга солишга ва уларнинг ижтимоий-иктисодий манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш максадида тузилади, чунки амалдаги қонун ҳужжатларида ходимларнинг ҳуқуқ ва кафолатлари борасида фақат энг кам миқдордаги ижтимоий зарурат белгилаб берилган.

Жамоа шартномалари, мулкчилик шакли, қайси идорага бўйсуниши ва ходимлар сонидан қатъий назар, корхоналар (ташкилотлар, муассасалар) ва уларнинг юридик шахс ҳуқуқи берилган таркибий бўлинмаларида тузилади. Жамоа шартномаси амал қилиш муддатини томонлар белгилайди, одатда бу муддат ҳаракатдаги тармоқ келишувининг амал қилиш муддатидан ошмайди.

Меҳнат жамоаси умумий мажлиси (конференцияси) маъқуллаган, корхона раҳбари ва касаба уюшма қўмитаси раиси (ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи раҳбари) имзо чеккан жамоа шартномаси норматив-мажбурий кучга эга бўлади.

Жамоа шартномаси тузилиши олдидан иш берувчи билан касаба уюшма ўртасида музокаралар олиб борилади. Бунда касаба уюшмаси ёлланма ходимлар номидан қатнашади, уларнинг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.Томонлардан бирининг талаби, ташаббуси музокараларни бошлаш учун асос бўла олади. Тегишли ёзма хабар олган тараф етти кунлик муҳлат ичида музокараларга киришиши шарт.

Музокаралар олиб бориш учун томонларнинг тенг сонли вакилларидан иборат комиссия ташкил этилади. Комиссия таркиби, томонлар вакилларига бериладиган ваколатлар, музокаралар давомида уларнинг иш жойи, маоши, меҳнат ва ижтимоий имтиёзлари сақланиб қолиниши масалалари томонларнинг қўшма қарори билан тасдиқланади. Музокара иштирокчиларига жамоа шартномаси мазмунини ташкил этувчи масалаларни эркин танлаш ва муҳокама этишда тўла эркинлик берилади.

Иш берувчилар касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари кўриб чиқиш учун таклиф этган меҳнатга оид ва ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан музокаралар олиб боришга мажбурдирлар.

Иш берувчилар касаба уюшмаларига, ходимларнинг бошқа вакиллик органларига музокаралар учун ўзларидаги зарур маълумотларни беришлари шарт. Музокараларнинг қатнашчилари, музокара олиб бориш билан боғлиқ бўлган бошқа шахслар, башарти ўзлари олган маълумотлар давлат ёки тижорат сири бўлса, уларни ошкор қилмасликлари керак.

Агар музокаралар жараёнида тарафлар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра муросага кела олмаган бўлсалар, баённома тузилиб, унга тарафларнинг бу сабабларни бартараф этиш учун зарур чоралар ҳақидаги тугал равишда баён этилган, шунингдек музокараларни қайта тиклаш муддатига доир таклифлари киритилади.

Комиссия ишлаб чиққан жамоа шартномаси лойихаси корхонанинг таркибий бўлинмаларида муҳокама қилинади ва тушган танқидий фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар ҳисобга олиниб, меҳнат жамоасининг умумий мажлиси (конференцияси) муҳокамасига қўйилади. Жамоа шартномасига томонлар унинг лойихаси меҳнат жамоасининг умумий мажлиси (конференцияси)да маъқулланганидан кейин уч кун ичида имзо чекишади.

Иш берувчининг манфаатларини ифода этувчи шахслар қуйидагилар учун жавобгар бўладилар:

— жамоа шартномасини тузиш, ўзгартириш ёки тўлдириш юзасидан олиб борилаётган музокараларда қатнашишдан бўйин товлаганлик ёки уларни ишлаб чиқиш ва тузиш муддатини бузганлик ёхуд тарафлар белгилаган муддатда тегишли комиссиянинг ишини таъминламаганлик учун;

— музокаралар олиб бориш ва жамоа шартномасига риоя этилиши устидан текшириш олиб бориш учун керакли ахборот тақдим этмаганлик учун;

— жамоа шартномаси мажбуриятларини бузганлик ва бажармаганлик учун.

Касаба уюшмаси, ходимларнинг бошқа вакиллик органи талабига кўра мулкдор ёки у вакил қилган шахс жамоа шартномаси мажбуриятлари бузилишида ёки бажарилмаслигида айбдор бўлган раҳбарга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриши шарт.

Жамоа шартномаси ҳам тармоқга, ҳам худудга хос ижтимоий муаммоларни ҳисобга олиши лозим.

Ижтимоий ҳимоя чоралари сифатида жамоа шартномаларига қуйидаги тадбирларни киритиш тавсия этилади: фахрийларга, ногиронларга, кўп болали оналарга, фарзандлари 3 ёшга тўлгунга қадар бўлган оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, корхоналар ҳисобидан ходимлар ва улар оила аъзоларини дам олдириш ва соғломлаштириш, ишловчи аёлларга бериладиган туғишгача ва туғишдан кейинги ҳақ тўланадиган таътиллар кунини узайтириш, болалик аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилиш, бахтсиз ходиса билан боғлиқ бир марталик нафақалар миқдорини ошириш ва бошқалар.

Жамоа шартномаларини тузишга оид мазкур тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 сентябрдаги 207 сонли қарори билан тасдиқланган «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси»нинг 21-бандини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шунга биноан жамоа шартномаларига ёшларнинг, айниқса ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларнинг, ҳуқуқлари ва қўшимча кафолатларига риоя қилинишини, шунингдек уларнинг ишлаб чиқаришда ижтимоий муҳофазаси таъминланганлигини кафолатлайдиган махсус қоидаларни киритиш тавсия этилади.

Мазкур тавсиялар макет шаклида ишлаб чиқилган.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!