“Яхши дам, меҳнатга ҳамдам”
“Ҳалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури бандларининг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги давлат муассассалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасига тааллуқли корхона ва ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг дам олиш кунларини мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 22-23 апрел кунлари вилоят Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси ҳамда Бухоро ногирон аёллар учун интернат уйи ташкилотлари томонидан Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз шаҳридаги тарихий обидаларга, Мингчинор ва Мираки дам олиш масканларига саёҳат уюштиришган бўлса, вилоят Ички ишлар бошқармасига қарашли қўриқлаш хизмати бўлими томонидан ходимларнинг дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида Навоий вилоятининг “Нурато” зиёратгоҳига саёҳат уюштиришган. Ушбу саёҳатга жами 200 нафардан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари жалб қилиниб, уларнинг дам олиш кунлари мазмунли ташкил қилинишига эришилди.
Мароқли ва мазмунли ўтган ушбу саёҳатлар ходимларимизнинг она юртимиз тарихи, қадриятлари, обидалари ва юртимизнинг такрорланмас табиати билан яна бир карра танишиб олишларига замин яратди. Мароқли дам олишдан мамнун бўлган ходимлар давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасига тааллуқли корхона ва ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган тадбирлар учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Бошланғич касаба уюшма раислари билан олиб борилган суҳбат жараёнида улар ўз ходимларининг ишдан бўш вақтларини самарали ўтишини таъминлаш ҳамда муассасаларидаги меҳнаткашлар, хусусан, ёшларнинг маънавий-маърифий тарбиясини янада кучайтиришга қаратилган хайрли тадбирлар бундан кейин ҳам доимий диққат-эътибордаги муҳим вазифалардан бўлиб қолишини билдиришди.
Ўзбекистон давлат муассассалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасига тааллуқли корхона ва ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг дам олиш кунларини мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида саёҳатлар уюштириш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон давлат муассасалари ва
жамоат хизмати ходимлари касаба
уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши раиси Т.Қулиев