Ўқув – семинар
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг “Ўқитувчи-тренерларни тайёрлаш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Халқаро меҳнат стандартларини тадбиқ этиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш” мавзусида ўқув – семинар ўтказилди.
Ушбу ўқув – семинарда Республика Кенгаши аппарати ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти бошқармалари, туман ва шаҳар бўлинмалари раҳбарлари ҳамда кадрлар бўлими бошлиқлари ва ходимлари, Ички ишлар органларининг касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари аъзолари қатнашдилар.
Ўқув – семинар кун тартибидаги биринчи масала яъни “Халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш” юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Н.Исаев сўзга чиқиб Халқаро Меҳнат Ташкилоти, унинг ташкил топиш тарихи, қабул қилинган Конвенциялари, жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялар, уларнинг мазмун – моҳиятлари, амал қилиш тартиблари ҳақида, кейинги йиллардаги Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан олиб борилаётган ҳамкорлик ва эришилган натижалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Кун тартибининг иккинчи масаласи юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг юридик бўлим мудири Д.М.Кимсанов меҳнат муносабатларини тартибга солиш юзасидан Меҳнат кодекси, Тармоқ келишувлари ва жамоа шартномаларида назарда тутилган меҳнат муносабатлари, уларнинг ҳуқуқий асослари, иш берувчи ва касаба уюшма ташкилотининг вазифалари, ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномаларининг шартлари ҳақида батафсил тушунтириш бериб ўтди.
Кун тартибининг иккинчи масаласи юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси Й.Г.Ядгаров сўзга чиқиб меҳнат муҳофазаси тадбирларининг тўлиқ амалга оширилиши ходимларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, ишчи ва хизматчиларни тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказишнинг, айниқса аёлларнинг саломатлигини сақлашдаги аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.
Ўқув – семинар давомида тингловчиларнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр мулоҳазалари эшитилди, қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар олинди.
Ўқув – семинар якунида қатнашчилар томонидан ўтказилган тадбирнинг долзарблиги, ушбу тадбирнинг самарали ўтганлиги, таҳлил этилган ва музокара қилинган мавзуларда тушунтиришларни ҳудудларда янада кенгроқ ўтказилиши мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.