Click to listen highlighted text!
22.11.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Имконият бор, саъй ҳаракат ҳам

Жорий йилнинг 3 ноябр куни Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ёшлар бирлашмасининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Унда тармоқ касаба уюшмаси ва унга аъзо ташкилотларнинг ёш ишчи-ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида қатнашчилар Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар. Бу ерда улар Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан келган 72 ёшли Умрқул ота Бозоров билан суҳбат қуришди.

— Истиқлолимиз меъмори бўлган Биринчи Президентимиз монументига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирдим, — дейди отахон. — Кўп йиллар экскаваторчи бўлиб ишладим. Олти қиз, тўрт ўғилни вояга етказдим. Набираларим атрофимда гирдикапалак. Ҳеч бири қийинчилик нима билмади. Фақат ва фақат дориламон кунлар шукуҳи билан яшаб келаяпти. Бундай бахт нафақат улар, балки бугунги кунда шу юртда яшаб, истиқомат қилаётган барча ёшларга насиб этганидан беадад шукроналар билдирсак арзийди.

«Темурийлар тарихи» давлат музейига уюштирилган саёҳат ҳам таассуротларга бой бўлди.

— Бу лаҳзалар бир умр юрагимга муҳрланди, — дейди Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Андижон вилоят кенгаши ёшлар масалалари бўйича етакчи мутахассиси Сардорбек Даминов. — Музейдаги экспонатлар кишини бир лаҳза бўлсин, ўша замонларга етаклайди. Биз, ёшларни мардликка, эл-юрт манфаати учун хизмат қилишга ундайди.

Тадбирда сўзга чиққан тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Анваржон Абдумухторов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Дўстмурод Тўйчиев ва бошқалар  Президентимизнинг “Ёшларга оид  давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор йўналишларга атрофлича тўхталдилар. Улар ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилаётгани, фаолиятни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга катта эътибор берилаяпти, — дейди Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши раиси Фармон Аллаберганов. — Жамоа шартномаларида ёшлар учун бандлар киритилиб, уларга ҳар томонлама имтиёз ва кафолатлар белгилаб берилган. Тизимда Ёшлар бирлашмалари ташкил этилиши эса ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ёшлар учун янгидан-янги имкониятлар очиб беради.

— Ҳозирда биздан талаб этиладигани фақат ва фақат ўқиш, изланиш, танлаган касбимиз сир-асрорини мукаммал билган ҳолда иш олиб боришдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари Марказий давлат архиви ходими Шаҳло Мирсолиҳова. — Шундай экан улуғларимиз айтганидек, пойдеворни мустаҳкам қилсак, бу иморат халққа асрлар оша хизмат қилаверади.

Тадбирда ташкилий масала кўрилиб, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ёшлар бирлашмаси ташкил этилди ҳамда раёсат аъзолари сайлаб олинди. Ёшлар бирлашмасига Одилжон Настинов раис қилиб сайланди. Шунингдек, Ёшлар бирлашмасининг давлат ташкилотлари бўйича раис ўринбосари этиб Бехзод Джумаев ва жамоат ташкилотлари бўйича раис ўринбосари этиб Мансуржон Махбубовлар сайландилар.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!