Click to listen highlighted text!
21.11.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Тармоқ касаба уюшмасининг IX Қурултойи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг IX Қурултойи бўлиб ўтди.

Пандемия туфайли киритилган карантин чекловлари сабабли Қурултой масофавий, онлайн шаклда ўтказилди.

Қурултойда делегатлар кун тартибидаги 13 та масалани атрофлича муҳокама этиб, тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Даставвал, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг 2015 йил август ойидан 2020 йил август ойигача олиб борган фаолияти тўғрисида Республика Кенгашининг ҳисоботи ва тармоқ касаба уюшмасининг келгусидаги стратегик йўналишлари тўғрисида Республика Кенгаши раиси маъруза қилди.

  Маърузада таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ҳар бир соҳада бирдек амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 192 839 нафар ходим касаба уюшмаси аъзолигига олинди. Натижада, аъзолар сони 2020 йил 1 август ҳолатига 401 607 нафарга етди.

Бугунги кунда тармоқ касаба уюшмаси юздан ортиқ давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ижтимоий шериклик асосида ишлаб келмоқда. Ҳисобот даврида, янги ижтимоий шериклар – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Адвокатлар палатаси каби ташкилотлар билан ижтимоий шериклик алоқалари ўрнатилиб, соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилувчи тармоқ келишувларини илк маротаба тузишга эришилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига касаба уюшмаси тизимидаги 3 684 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг 3 654 тасида, яъни 99,2 фоизида жамоа шартномалари тузилишига эришилди ва жамоа шартномаларининг ҳар бирига ўртача 135 тадан тадбирлар киритилиб, уларнинг 97,2 фоизи бажарилди.

Жамоа шартномалари орқали 2015 йилда ўрта ҳисобда ҳар бир ходимга ойлик маошдан ташқари сарфланган маблағ миқдори 1,4 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда ушбу маблағ қарийб 2,5 баробарга оширилиб, 3,5 млн. сўмни ташкил этди.

Ўтган ҳисобот даврида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари орқали:

13 869 та кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатилди;

4 925 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилинди;

Иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 557 та оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш, уй-жой қуриш учун фоизсиз ссудалар берилди;

Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 561 нафар талабага контракт пулларининг бир қисми қоплаб берилди.

Бундан ташқари тармоқ касаба уюшмаси томонидан 1 955 та ташкилотда иш берувчилар томонидан энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилди. Ҳисобот даврида тармоқ тизимидаги ташкилот, корхона ва муассасаларнинг бирортасида иш ҳақидан қарздорлик ҳолатига йўл қўйилмади. Меҳнат муҳофазаси қонунчилиги талабларини бажариш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар ва касб касалликларига чалинишларнинг олдини олиш мақсадида 415 та корхона ва ташкилотда ўрганишлар ўтказилиб, 6 600 нафардан ортиқ ишчи-ходимларни меъёрларда белгиланган махсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашга эришилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси талабларига мувофиқ, вазирлик ва идораларга киритилган тақдимномаларга асосан 82 та вазирлик ва идорада меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги муҳандиси лавозими жорий этилди. Иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган ходимлар оилаларига иш берувчилардан 1 млрд. 977 млн. сўм миқдорида компенсация пули ундириб берилди.

Ҳисобот даврида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахслардан жами 9 693 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Шундан, 5 211 таси қаноатлантирилди, 4 403 тасига тушунтириш берилди, 23 тасида кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмади, 49 таси тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилди.

Иш берувчиларга тақдимномалар ҳамда судга даъво аризаларини киритиш, шунингдек, касаба уюшма мутахассисларининг суд жараёнларида иштирок этиши натижасида жами 1 782 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, 4 млрд. 653,5 млн. сўмлик моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилди. Ўртача олганда тармоқ касаба уюшмаси аралашуви билан ҳар ойда 27 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бевосита тақдимномалар ва судлар орқали тикланди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 9-моддасига асосан иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигига риоя этишини ўрганиш натижасида 394 нафар ходимга 1,2 млрд. сўмлик зарарлар ундириб берилди.

2015-2020 йиллар давомида тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 26 371 нафар ходим санаторий ва дам олиш уйларида соғломлаштирилди. 69 нафар ходим эса чет элга, шу жумладан, хорижий санаторийларга юборилди. Шунингдек, ҳисобот даврида 28 073 нафар ходимнинг фарзандлари учун болалар оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар берилди. 302 383 нафар ходимлар учун мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, муқаддас қадамжолари, диққатга сазовор жойлари, сўлим тоғ бағирлари ва дам олиш масканларига саёҳат ва зиёратлар уюштирилди.

“Энг намунали бошланғич ташкилот”, “Ўз касбининг моҳир эгаси”, “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови”, “Энг фаол ёш ишчи касб эгаси”, “Энг фаол ёш банк ходими”, “Энг фаол ёш ички ишлар ходими” ва бошқа кўрик-танловларда жами
84 мингдан зиёд ходимлар иштирок этишди.

Халқаро йўналишда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан,  Швейцария, Туркия, Исроил, Латвия, Россия, Украина, Беларусь, Малдова, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг турдош касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Шунингдек, Беларусь ва Тожикистон Республикаларининг турдош касаба уюшма ташкилотлари билан Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 3 132 та кўрсатув, радиоэшиттириш, ижтимоий тармоқлар, газета ва журналларда мақола ва материаллар бериб борилди.

Қурултойда ҳисобот даврида барча йўналишларда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг IХ Қурултойи қизғин мунозаралар, танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар остида ўтди ҳамда келгуси 5 йилликда амалга ошириладиган стратегик йўналишлар белгилаб олинди.

Шунингдек, онлайн Қурултойда делегатлар томонидан тармоқ касаба уюшмасининг ҳисобот даврида олиб борган фаолияти бир овоздан қониқарли деб топилди ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси сайланди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!