Click to listen highlighted text!
24.11.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш туфайли етказилган зарарни қоплаш

  1. Иш вақтида бахтсиз ходиса.

 Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек мазкур Қоидалар билан тартибга солинади.
Мазкур Қоидаларнинг амал қилиши, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ёлланма меҳнатдан фойдаланаётган юридик шахсларга, юридик шахс бўлмасдан фаолият юритаётган деҳқон хўжаликларига (кейинги ўринларда матнда иш берувчи деб юритилади), шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат шартномаси бўйича ишлаган ёки ишлаётган ҳамда меҳнат жароҳати олган ходимларга жорий этилади.
  

  1. Бахтсиз ходиса бўйича жавобгарлик.

Иш берувчи иш берувчининг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек иш берувчи берган транспортда ишга келиш ёки ишдан кетиш вақтида ходимнинг соғлигига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади.
Иш берувчи, меҳнат жароҳати ёки бошқа меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда ходим соғлигига етказилган зарарни, агар у етказилган зарар учун ўзининг айбдор эмаслигини исбот қила олмаса, ходимга етказилган зарарни тўлаши шарт.
Иш берувчи томонидан ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техник, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика чоралари ҳамда соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш тадбирлари таъминланмаганлиги (меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси қоидалари ва шу кабиларга риоя қилмаслик) туфайли олинган меҳнат жароҳати унинг айби билан содир этилган деб ҳисобланади.
Қуйидаги ҳужжатлар меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўлиши мумкин:
–   бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси;
– бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиққа етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома;
–  суд қарори;
– меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, соғлиққа етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи давлат меҳнат техника инспектори ёхуд бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси;
– касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса;
– айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор;
– касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа ваколатли органи қарори.
Келишмовчилик пайдо бўлганда ёки иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар соғлигига етказилган бошқа шикастларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланади.
Жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқишига ёки унинг кўпайишига сабаб бўлган тақдирда, зарарнинг тўлов миқдори суммаси жабрланувчининг айбига қараб камайиши мумкин, лекин камайиш эллик фоиздан кўп бўлмаслиги лозим.
Жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги туфайли ҳамда иш берувчининг айби бўлмаган ҳолларда, иш берувчининг жавобгарлиги, айбидан қатъи назар (яъни унинг меҳнат вазифаларини бажаришда юқори хавфли манбалар томонидан ходим соғлигига етказилган зарар), зарарни тўлаш суммаси жабрланувчининг айбдорлиги даражасига қараб камайиши ҳам мумкин, лекин камайиш эллик фоиздан кўп бўлмаслиги лозим. Бунда зарарни тўлашдан бош тортишга йўл қўйилмайди.
Жабрланувчининг айбдорлиги даражаси корхона, муассаса, ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа ваколатли органи қарори билан, мазкур масала бўйича келишмовчилик пайдо бўлганда эса — суд томонидан белгиланади.
Зарарни тўлашнинг қўшимча турларига, бир йўла нафақа тўлашга, шунингдек боқувчисининг вафоти туфайли етказилган зарар тўловларига нисбатан аралаш жавобгарлик қўлланилмайди.

  1. Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси

Жабрланувчининг меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражаси Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан белгиланади.
Касб бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даражасини белгилаш билан бир вақтда, ТМЭК асослари мавжуд бўлганда, ногиронликнинг тегишли гуруҳи белгиланади ҳамда жабрланувчининг қўшимча ёрдам турларига бўлган муҳтожлиги аниқланади.
Мазкур Қоидаларга мувофиқ зарарни тўлаш учун зарур бўлган пул суммаси, қўшимча харажатларни қоплаш ҳамда бир йўла тўланадиган нафақа миқдори жамоа шартномаси (битимлари) асосида оширилиши мумкин.
Белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдори оширилганда соғлиқнинг шикастланиши билан боғлиқ зарар ёки боқувчисининг вафоти билан боғлиқ равишда бериладиган йўқотилган иш ҳақи, бошқа тўловларни қоплаш суммаси энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг оширилган суммасига мутаносиб равишда кўпайтирилади.
Меҳнат жароҳати олгандан кейин меҳнат муносабатларини тўхтатиш зарарни тўлашдан озод қилмайди.
Қуйидагилар жабрланувчига етказилган зарарни тўлашда суммани тўлаш манбалари ҳисобланади:
– бюджет ташкилотлари ва муассасалари учун — қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат бюджети маблағлари;
–   бошқа иш берувчилар учун — ўз маблағлари.

  1. Зарарни тўлаш тўғрисидаги аризани бериш ва кўриб чиқиш тартиби.

Иш берувчи касб бўйича меҳнат лаёқатини йўқотган ходимга ишлаб чиқаришда нобуд бўлганнинг оила аъзоларига амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг зарарни тўлашга бўлган ҳуқуқларини ва ушбу масалалар билан иш берувчига мурожаат қилиш тартибини тушунтириши ҳамда зарарни тўлаш тўғрисидаги талабларни бериш учун зарур бўлган ҳужжатларни олишда ариза берувчига кўмаклашиши ва тегишли ҳолларда ушбу ҳужжатларни бошқа ташкилотлардан талаб қилиши шарт.
Зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза иш берувчига берилади. Зарарни тўлаш тўғрисидаги аризанинг нусхаси касаба уюшмаси қўмитасига ёхуд корхона ходимларининг бошқа ваколатли органигаберилади.
Иш берувчи зарарни тўлаш тўғрисидаги аризани ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт.
Қарор иш берувчининг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштирилади. Буйруқ асосланган бўлиши зарур, унда зарар тўловини оладиган шахслар, оиланинг ҳар бир аъзоси учун унинг миқдорлари ва тўлаш муддатлари кўрсатилади.
Иш берувчининг зарарни тўлаш ёки асосланган рад этиш ҳақидаги буйруғи нусхаси ходимга ёки манфаатдор шахсларга буйруқ чиқарилган кундан бошлаб 3 кун муддатда топширилади.
Зарарни тўлаш тўғрисидаги аризага Даволаш-меҳнат экспертиза комиссиясининг касб бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даражаси тўғрисидаги ҳамда тегишли ҳолларда жабрланувчининг қўшимча ёрдам турларига муҳтожлиги ҳақидаги хулосаси илова қилинади.
Даволаш-меҳнат экспертиза комиссиясида соғлиқни текширувдан ўтказиш ва қайта текширишдан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Боқувчисини йўқотганлик туфайли зарар тўланиши ҳуқуқига эга бўлган шахсларга зарарни тўлаш ҳақидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи (ФҲДЁ) томонидан боқувчининг вафоти тўғрисида берилган гувоҳнома нусхаси;
б) вафот этган шахснинг оила аъзолари таркиби, шу жумладан унинг қарамоғида бўлганлар тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси (ёки бошқа ҳужжатлар) ёки суднинг тегишли қарори нусхаси;
в) вафот этган шахснинг 3 ёшга тўлмаган болалари, укалари, сингиллари ёки невараларини парвариш қилиш билан банд бўлган ота-онаси, умр йўлдоши ёки бошқа оила аъзосининг ишламаётганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси;
г) ўқув муассасасининг зарар тўланиши ҳуқуқига эга бўлган, ёши 16 дан 18 гача бўлган шахсларнинг ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқиши тўғрисидаги маълумотномаси.
Тўловлар муддатини узайтириш учун зарар тўловларини келгусида ҳам олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (ўқиши тўғрисида маълумотномалар ва бошқалар) тақдим этилади.
Боқувчининг оила аъзолари таркиби, шу жумладан вафот этган шахснинг қарамоғида бўлганлар ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномасида (ёки бошқа ҳужжатларда) оила ҳар бир аъзосининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва ойи кўрсатилади.
Тегишли ҳужжатлар бўлмаганда ҳамда уларни тиклаш имконияти бўлмаган тақдирда, шунингдек манфаатдор шахс маълумотномадан норози бўлганда қарамоғида бўлганлик ҳолати суд томонидан белгиланади.
Жабрланувчининг ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра корхона касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар томонидан вакил қилинган бошқа ваколатли орган иш берувчи билан музокараларда жабрланувчи томонидан қатнашиш учун ўз вакилини ажратади.
Ходим ёки манфаатдор шахслар иш берувчининг қароридан норози бўлган ёки белгиланган муддатда жавоб олинмаган тақдирда ушбу низони ҳал этиш учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Корхонанинг касаба уюшма қўмитаси ёки ходимлар томонидан вакил қилинган ваколатли органманфаатдор шахсларнинг розилигига кўра ариза билан судга мурожаат қилиши ва суд жараёнида қатнашиши мумкин.
Зарарни тўлаш ҳақидаги ариза судга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
Чет элда ишлаган даврда меҳнат жароҳати олган ходимлар ва боқувчиси вафот этган тақдирда уларнинг оила аъзолари томонидан зарар тўловини олиш тўғрисидаги ариза ходимни чет элга ишга юборган вазирликка, идорага, ташкилотга, корхонага берилади.

  1. Зарарни қоплаш суммасини тўлаш тартиби ва муддатлари

Маъмуриятнинг айби билан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотган ходимга Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартиб ва миқдорда корхона бир марта бериладиган нафақа тўлайди ҳамда соғлиққа етказилган шикаст учун товон тўлайди.
Бир марта бериладиган нафақа миқдори жамоа шартномаси (битими) билан белгиланади ва жабрланувчининг бир йиллик маошидан кам бўлмаслиги лозим.
Агар ходим даволаниш, протез қўйдириш ва тиббий ҳамда ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларига муҳтож бўлса, корхона жабрланган ходимга бу тадбирлар билан боғлиқ ҳаражатларни тўлайди, шунингдек жабрланувчининг касбини ўзгартириб қайта тайёрланишини ва тиббий хулосага мувофиқ ишга жойлашишини таъминлайди ёки ана шу мақсадлар учун кетадиган харажатларни қоплайди.
Зарарни қоплаш тўловлари:
а) жабрланувчиларга — улар меҳнат жароҳати оқибатида касб бўйича меҳнатга лаёқатини тўлиқ ёки қисман йўқотган кундан бошлаб;
б) боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга — боқувчининг вафот этган кунидан, аммо фақат зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлинган вақтдан бошлаб тўланади.
Зарарни ундириш тўғрисида ариза жабрланувчининг меҳнат жароҳати туфайли касб бўйича меҳнатга лаёқати йўқотилгандан ёки боқувчининг вафотидан 3 йилдан кейин берилган тақдирда зарарни тўлаш бу ҳақда мурожаат қилинган кундан бошлаб амалга оширилади.
Ариза берилган кун зарарни тўлаш тўғрисида мурожаат қилинган кун ҳисобланади.
Зарар тўловларини олиш муддатини узайтириш зарур ҳужжатлар тақдим этилиши бўйича аввалги тўловлар муддати тугаган кундан бошлаб амалга оширилади.
Ўртача ойлик иш ҳақи (даромад) бўйича зарарни тўлаш меҳнат жароҳати туфайли жабрланувчи касб бўйича меҳнат лаёқатини йўқотганлик белгиланган муддат учун, қўшимча харажатларни тўлаш эса уларга муҳтожлик белгиланган муддат давомида амалга оширилади.
Иш берувчи жабрланувчини ёки манфаатдор шахсларни зарарни тўлаш миқдори қайта ҳисобланишига сабаб бўлган маълумотлар билан тилхат бўйича таништириши шарт, жабрланувчи ёки манфаатдор шахслар эса ўз навбатида зарар тўлови миқдори қайта ҳисобланишига сабаб бўлган ўзгаришлар тўғрисида ёзма равишда маълум қилишлари шарт (энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ошган ҳоллар бундан мустасно).

Жорий ой учун зарар тўловлари ушбу ой тугашидан кечикмай тўланади.
Бир йўла тўланадиган нафақа зарарни ундириш ҳуқуқи олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида тўланади.
Зарар тўловлари суммасини олувчига етказиб бериш ва жўнатиш харажатлари етказилган зарар учун жавобгар бўлган иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади.
Ушбу суммалар, олувчиларнинг хоҳишига кўра, уларнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилиши мумкин.
Зарарнинг белгиланган тўловлари қуйидаги муддатлардан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади:
– зарарни қоплаш миқдорини ошириш ҳуқуқи вужудга келганда — тегишли ҳолатлар юзага келган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб;
– қоплаш миқдорининг камайтирилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келганда — тегишли ҳолатлар юзага келган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб.
Зарарни ундирувчи шахс қариялар ёки ногиронлар уйига жойлаштирилган тақдирда, унга зарарни қоплаш миқдори билан у ердаги парвариш қилиш қиймати ўртасидаги фарқ тўланади, аммо бу тайинланган зарар қопланиши суммасининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар кўрсатиб ўтилган шахсларнинг қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз кишилар бор бўлса зарар қуйидаги тартибда қопланади:
– қарамоғидаги меҳнатга лаёқатсиз бир киши ҳисобига — белгиланган қоплаш суммасининг чорак қисми, икки киши ҳисобига — учдан бир қисми, уч ва ундан кўп киши ҳисобига ярми қопланади. Тўловнинг қолган қисми қариялар ва ногиронлар уйида парвариш қилиш қийматини чегириб ташлаган ҳолда, аммо зарар қопланиши миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, жабрланувчининг ўзига тўланади.
Суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилиб жазо муддатини ўташ даврида қопланиши керак бўлган зарар суммаси олувчининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва унга озодликдан маҳрум этилган жойдан чиққандан кейин тўланади.
Тайинланган, аммо жабрланувчи ёки зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан ўз вақтида олинмаган тўлов уни олиш ҳақида мурожаат қилинган олдинги 3 йилдан кўп бўлмаган вақт учун тўланади.
Зарар учун жавобгар бўлган иш берувчининг айби билан ўз вақтида олинмаган зарарни қоплаш суммаси бирон-бир муддат билан чегараланмаган ҳолда ўтган давр учун тўланади.
Жабрланувчига ёки боқувчининг вафоти туфайли зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга тегишли бўлган ва вафот этиш туфайли улар томонидан тўлиқ олинмай қолган зарар ундириш суммаси умумий асосларда уларнинг меросхўрларига тўланади.
Жабрланганларга ёки зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ортиқча тўланган зарар тўлови суммаси, агар улар томонидан суиистеъмол қилиш оқибатида (қасддан нотўғри маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотган тақдирда зарар суммасини ундириш тайинланган оила таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги натижасида ва бошқалар) ёхуд саноқдаги хато оқибатида асоссиз тўланган бўлса, қайтариб олиниши мумкин.
Нотўғри олинган зарар тўлови суммасини қайтариб олиш меҳнатга ҳақ тўлаш суммасидан чегириб қолишда қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Зарарни қоплаш суммасини тўлаш тўхтатилган тақдирда ортиқча тўланган сумма бўйича қарзнинг қолган қисми суд тартибида ундирилади.
Зарар суммасини тўлаш даврида зарарни қоплаш тайинланиши тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси (суднинг қарори), жабрланувчи ва бошқа манфаатдор шахсларнинг зарарни қоплаш тайинланиши тўғрисидаги аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда иш берувчининг бухгалтериясида ҳар бир олувчининг алоҳида ҳужжатлар йиғмажилдида, иш берувчи тугатилган тақдирда эса — иш берувчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаларида сақланади.
Зарар суммасини тўлаш тўхтатилгандан икки йил кейин кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар йиғмажилдлари иш берувчининг архивига ёки бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига доимий сақлаш учун топширилади.
Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун жўнаб кетган шахсларга зарарни тўлаш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!