Мини футбол мусобақаси ўтказилди
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Навоий шаҳар кенгаши томонидан тармоқдаги ташкилотларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашларнинг саломатликларини тиклаш, уларни спорт-соғломлаштириш тадбирларига кенг жалб этиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги байрами муносабати билан жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари тармоқ касаба уюшмаси Навоий шаҳар кенгаши Кубоги учун ўтказилган мини футбол спорт мусобақаси тармоқдаги ишчи-ходимларнинг соғлом турмуш тарзи асослари орқали соғлигини муҳофазалаш, руҳиятини тетиклаштиришга қаратилган навбатдаги қадамдир.
Мусобақада тармоқдаги ташкилотларнинг минифутбол жамоаларидан Навоий вилоят ҳокимлиги, Инкассация бошқармаси, “Қишлоққурилишбанк”, “Савдогарбанк”, “Микрокредитбанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари тахририяти жамоалари ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
1-ўрин вилоят Ҳокимлиги, 2-ўрин “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари тахририяти, 3-ўрин Инкассация бошқармаси жамоаларига насиб қилди.
Мусобақалар якунида ғолиб жамоалар тармоқ касаба уюшмаси Навоий шаҳар кенгашининг Кубоги, совринлари ва Дипломлари билан тақдирландилар. Мусобақа қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши ҳужумчи”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг ёш ўйинчи” номинациялари бўйича ҳам алоҳида совғалар тақдим этилди.