Click to listen highlighted text!
18.05.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

“БИЗ – МУСТАҚИЛЛИК ФАРЗАНДЛАРИМИЗ”

Болалар — келажагимиз. Мамлакатимизда болажонларга яратилаётган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида қанча кўп гапирсак шунча оз. Бизнинг давлатимиздагичалик болаларга эътибор дунёнинг бирор мамлакатида бўлмаса керак.

Болалик — ҳаёт уммонининг мусаффо сарчашмаси. Боиси, у ҳар бир мурғак қалб учун ташвишлардан йироқ, эзгуликка тўла лаҳзалардир. Гўдакларнинг баҳор тонги мисол беғубор қалби фақат яхшиликларга йўғрилган бўлади. Шу сабаб 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни энг қувончли байрам сифатида бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам кенг нишонланади.

Ушбу байрам Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар ташкилотлари томонидан ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Жумладан, 30 май куни Бухоро “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи бошланғич касаба уюшмаси томонидан 200 нафар болалар иштирокида бадиий-мусиқий кеча ҳамда “Биз – Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остида Бухоро шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғида болажонлар учун кўнгилочар дастурлар ташкил этилди. Болажонлар учун байрам дастурхони тузилиб, кичкинтойлар кўнглига хурсандчилик улашилди.

1 июнь куни Бухоро вилоят Божхона бошқармаси касаба уюшма қўмитаси томонидан “Болаларга беринг дунёни!” деб номланган бадиий композицион, спорт соғломлаштириш дастури ташкил этилди. Шу куни ишчи-ходимларнинг 150 нафардан ортиқ фарзандлари учун асфальтда расм чизиш, тасвирий санъат, арғимчоқ учиш, шахмат ва шашка бўйича мусобақалар ташкил этилди. Болажонларга турли ширинликлар, эсдалик совғалари, мусобақа ғолибларига медаллар тарқатилди.

Шу куни шунингдек, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан шаҳримиздаги Абу Али ибн Сино фавворалар мажмуасида кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун вилоятимизнинг таниқли сўз усталари ва бадиий жамоалари иштирокида байрам шоу дастури ташкил этилди. 500 нафардан ортиқ болажонларга турли совғалар, ширинликлар ҳадя этилди.

Чеҳрасидаги беғубор табассуми билан ҳар лаҳза дилларимизга қувонч улашувчи фарзандлар ҳаётимиз мазмунидир. Уларнинг ёрқин келажагида эзгу орзуларимиз жо бўлган. Мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик эса ҳар биримизни қувонтирмай қўймайди, албатта.

Ҳаётжон Шарипов,

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари

касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!