Ҳарбийларга касаба уюшма совғалари
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга 24 йил тўлиши муносабати билан меҳнат жамоаларида Конституциянинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини тарғиб этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Тадбирларда “Ким эдигу ким бўлдик” деган ҳаётий ҳақиқат, юз берган ўзгаришлар, бугунги ҳаётимизни мустақилликдан олдинги ҳаёт билан қиёсий равишда акс эттирилиб, меҳнаткашларга кенг тушунчалар берилмоқда.
Шу билан бирга касаба уюшмалари акциялари доирасида байрам совғалари улашилмоқда. Яқинда “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида Янгиер шаҳридаги Н-ҳарбий қисмда учрашув ташкил қилинди. Тадбирда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилоятидаги масъул ташкилотчиси Алишер Тожиев ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими масъул ходими Зебо Ҳайдаровалар иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.
Маърузачилар шу кунларда мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда сайлов қонунчилиги, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўғрисида, шунингдек, Асосий Қомусимизнинг фуқаролар ҳаётида аҳамияти, ҳуқуқий билим ва маданият зарурияти тўғрисида сўз юритдилар.
Шундан сўнг ҳарбий қисм кутубхонасига касаба уюшмаларининг совғалари — классик адабиёт намуналари топширилди.
А.Тожиев,
Масъул ташкилотчи