Click to listen highlighted text!
25.12.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Касаба уюшмаларида сайловолди ташвиқоти

    Бугунги кунда юртимизда Президент сайлови кампаниясининг муҳим босқичи — номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бўлиб ўтмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида, шу билан бирга, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

    Республикамизда сайловолди ташвиқоти қонунчиликка амал қилинган ҳолда ўтказилмоқда, Президентликка номзодларга ўз дастурларини тақдим этиши ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши учун тенг шароитлар яратилган. Умуман олганда, сайлов кампанияси очиқ рақобат руҳида ва юқори ташкилий даражада ўтмоқда.

      Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг катта мажлислар залида Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда мазкур партиядан кўрсатилган номзод – Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди ташвиқотига бағишланган учрашув ташкил этилди.

         Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари Р.Ҳакимов, А.Ғофуров, Б.Артиков, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Миробод туман кенгаши раиси Р.Файзиев ҳамда 140 дан ортиқ вазирлик, қўмита ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотларининг  касаба уюшма қўмиталари раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

       Учрашувда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод – Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва  сайловолди дастури тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.

     Тадбирда сўзга чиққанлар Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури кенг қамровлилиги, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг ҳеч бир соҳаси назардан четда қолдирилмагани билан барчада катта таассурот уйғотганлигини таъкидладилар.

      Чорак асрдан буён халқимизга фидойилик билан хизмат қилиб келаётган бу инсоннинг касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш борасида қўшган ва қўшаётган ҳиссаси нақадар катта эканлигини ҳам эътироф этилди. Жорий йилнинг 22 сентябрь куни анча йилдан буён таҳрирга муҳтож бўлиб келаётган Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинганлиги, 25 октябрь куни эса 6 миллиондан зиёд ходимларнинг манфаатларини ифодалайдиган «Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланганлиги шулар жумласидандир.

      Таъкидланганидек, номзод ўз сайловолди дастурида ўтган давр давомида эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, ғалабалар бардавомлигини таъминлашга қаратилган улуғвор ғояларни ўртага ташлаганки, буларнинг барчаси бугунги кунимизга ва албатта эртанги фаровон ҳаётимизга бўлган ишончимизни янада оширади.

        Шунингдек, учрашувда бошланғич касаба уюшмаларининг раисларига Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеофильм ва сайловолди дастури материаллари тарқатилди.

          Қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар асосида ўтган учрашув якунида барча иштирокчиларни эртанги бахтли ва буюк келажагимизнинг кафолати бўлган бўлажак сайловларда шахсий намуна бўлиб, фаол иштирок этишга чақирилди.

 

Ҳ.Шарипов,

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат

хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг

ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!