Мини-футбол бўйича спорт мусобақаси ўтказилди.
Қўқон шаҳар ҳокимлиги, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар кенгаши ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб, жорий йилнинг 22 май кундан 21 июнга қадар навбатдаги мини-футбол бўйича спорт мусобақаси ташкил этилди. Мусобақада Қўқон шаҳрида фаолият олиб бораётган банклар ва бошқа ташкилот вакилларидан таркиб топган 14 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Турнир ҳар тарафлама қулай бўлиши учун, ўйинлар иштирокчиларнинг имкониятлари, шароитлари инобатга олиниб, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари ташкил этилди.
Мазкур мусобақа Қўқон шаҳрида 5 йилдирки ташкил этиб, анъана кўринишини олиб улгурди. Ўйлайманки, меҳнат жамоаларида спортни оммалаштириш, барчанинг соғлом бўлишига эришиш йўлидаги бундай чора-тадбирларимиз ўз натижасини бермоқда. Ўйинлардаги шиддат бунинг ёрқин исботи, -дейди давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар кенгаши раиси Аъзамжон Жўраев.
Сараланиш баҳсларидан кейин финалга “Асакабанк” ДАТ банки Қўқон шаҳар филиали ва “Саноатқурилишбанк” ОАТ банки Қўқон шаҳар филиаллари вакилларидан таркиб топган жамоалар етиб келишди. Учрашув 3:2 ҳисобида “Асакабанк”нинг ғалабаси билан якунланди.
Ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирландилар.