Click to listen highlighted text!
23.12.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

МУРУВВАТ УЙИДА БАЙРАМ ШУКУҲИ

Она замин узра баҳорий насим эса бошлади. Табиатда мўъжизавий уйғунлик кузатилмоқда: кечагина оппоқ қордан қадди-басти эгилган, совуқдан дийдираган дов-дарахтлар бугун куртак ёзди.

Фасллар келинчаги — баҳорнинг ана шундай фусункор дамларида уйғонаётган табиатга боқиб, бугунги нурафшон кунларга, ҳаётнинг бебаҳо неъматларига соғ-саломат етишганимиз, жаннатмонанд юртимиз осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги учун Яратганга шукроналар қиламиз ва беихтиёр буюк аждодимиз ҳазрат Алишер Навоийнинг бетакрор сатрларини ёдга оламиз:

Ҳар тунинг қадр ўлубон, 

Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

Маълумки, Наврўз Шарқ халқларининг баҳор байрами сифатида  минг йиллар мобайнида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятлар шодиёнаси ва тантанаси сифатида нишонланади. Наврўз яшариш ва янгиланиш байрами бўлиб, унда барча биргаликда, хуш кайфиятда баҳорни қарши олади ва бир-бирига эзгу тилакларни улашади.

Ҳа, Наврўз – она заминга муҳаббат, табиатга ҳавас, ҳурмат ва ихлос туйғуларини уйғотади;

Наврўз – меҳнатга, яшаш ва  яратишга иштиёқ, ғайрат беради;

Наврўз – ёру дўстларни, яқин-йироқларни, қариндош-уруғларни дийдор кўриштиради;

Наврўз – кексаларга иззат-ҳурмат, ёшларга меҳр-шафқат кўрсатишга ундайди;

Наврўз – умрга-умр, ёшга-ёш қўшиб, ақл-заковат беради. Ҳаётнинг нақадар ширин, тотли эканлигини ҳис-туйғуларимизга сингдириб юборади;

Наврўз – юксак маънавият, ахлоқ-одобни ва барча инсоний хислатларини тарбиялайди.

Шу кунларда халқимизнинг бунёдкорлик, бирдамлик ва боқий байрами бўлган Наврўзи олам юртимизнинг барча гўшаларида, ташкилот ва муассасалари, маҳалла ва гузарларида завқ-шавқ ва кўтаринки кайфиятда қарши олинмоқда.  Хусусан, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши тасарруфидаги бошланғич ташкилотларда ҳам шукуҳли айёмга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро “Мурувват” ногирон аёллар учун интернат уйида бўлиб ўтди. “Сумалак сайли” деб номланган бадиий-мусиқий композицион дастур, вилоятимиз санъат усталарининг мусиқий чиқишлари, вилоят Қўғирчоқ театри бадиий жамоасининг қўшиқ ва рақслари байрам иштирокчиларининг қалбини шодлик ва сурурга тўлдирди. Баҳорий илиқлик, кўклам сурурини бахш этган сеҳрли оҳанглар барчани рақсга чорлади.

Байрам тантаналари Наврўзнинг мўъжизавий таоми – сумалак тайёрлаш базми билан янада уйғунлашиб кетди. Айтиш жоизки, Сумалак сайли деб ном олган мазкур тадбир Мурувват уйининг юздан ортиқ қалби кемтик, руҳи ўксик, ногирон аёлларини улар ҳамиша эътибор ва эҳтиромда эканлигини ифода этди.

Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга, бутун юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, файзу барака олиб келсин!

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!