Click to listen highlighted text!
19.05.2024  

Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ўтказилади.

Uz
Ru

Архивы

Жамоа шартномасининг 2017 йилги янги макети ишлаб чиқилди

Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга ҳамда аъзо ташкилотлар таклифларига асосланган ва тармоқ хусусиятларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 2017 йил учун жамоа шартномасининг макети ишлаб чиқилди.

Жамоа шартномасининг мазкур тавсиявий макети яқинда қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқ такомиллаштирилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Натижада, ушбу локаль ҳужжатнинг ижтимоий таркибий қисми янада кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартишларга биноан:

касаба уюшмаси қўмитасининг аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига корхонада риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати;

иш берувчининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг маълум фоизи миқдоридаги маблағни нафақат маданий-маърифий ва жисмоний тарбия тадбирлари, балки саёҳатлар ташкил этиш, концертлар, театрларга чипталар ва истироҳат боғларига таклифномалар ҳарид қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш, рағбатлантириш, касаба уюшмаси қўмитасининг ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш ва ҳоказолар учун касаба уюшмаси қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказиш тавсияси;

иш берувчи қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги касаба уюшмасининг тақдимномаларини кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари ҳақида касаба уюшмасига ўн беш кунлик муддат ичида хабар бериши лозимлиги;

касаба уюшмаси қўмитаси юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгани ёки ўтмаганидан қатъий назар, иш берувчи билан жамоа музокараларини олиб боришда ва жамоа шартномасини тузишда устувор ҳуқуққа эгалиги, унинг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши жамоа шартномаларига киритилиши мақсадга мувофиқдир.

Иш берувчи жамоа шартномаси шартларини бузувчи қарор қабул қилган тақдирда, касаба уюшмаси қўмитаси ушбу қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлилиги, бу тақдимнома бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилиши талаби ҳам жамоа шартномасида акс эттирилиши керак.

Иш берувчи касаба уюшмаси органларига сайланиб, ишлаб чиқариш фаолиятидан озод этилган шахсларга уларнинг ваколат муддатлари тугаганидан сўнг аввалги ёки шунга тенг иш берилишини таъминлаш учун бундай ходимларнинг бўшаб қолган иш ўринларига янги ходимларни фақатгина муайян муддатга тузилган меҳнат шартномаларига биноан ишга қабул қилиш мажбуриятини олиши мақсадга мувофиқдир.

Касаба уюшмаси органларига сайланиб, ишлаб чиқариш фаолиятидан озод қилинмаган меҳнаткашлар вакилларига интизомий жазо чораларини қўллаш, улар билан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш амаллари тегишли касаба уюшмаси органининг розилигини олиб амалга оширилиши мумкинлиги жамоа шартномасига киритилиши лозим.

Бундан ташқари аъзо ташкилотлардан олинган таклифларга биноан жамоа шартномаларига қуйидаги янги меъёрлар ҳам киритилиши мақсадга мувофиқ:

касаба уюшмаси қўмитаси вакилларининг ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилувчи комиссиялар таркибига киритилиши;

кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан ходимларни бир йилда бир маротаба бепул тиббий кўрикдан ўтишларини ташкил этиш;

иш берувчи, коллеж, битирувчилар ва ҳокимлар ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома шартлари бажарилиши устидан касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати ўрнатилиши;

иш берувчининг касаба уюшмаси аъзолик бадалларини корхона бухгалтерияси орқали ушлаб қолинишини ҳамда пул ўтказиш йўли билан ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда касаба уюшма ташкилотига ўтказилишини таъминлашдаги масъулиятини ошириш.

Жамоа шартномаси макетининг тўлиқ матни ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши веб-сайтининг “Интерактив хизматлар” бўлимида жойлаштирилган.

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!